Menu Close

Марказ ҳақида

Оёқларни сақлаб қолиш маркази (ОСҚМ) – Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳрида илк маротаба очилган, асосан қандли диабетда оёғида кесилиш хавфи билан кечаётган яра, некроз ёки қорасон (прегангрена, гангрена) бўлган касалларга махсус тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хусусий жарроҳлик маркази ҳисобланади. Бундай марказлар Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Грозный шаҳарларида ташкил этилган. ОСҚМ бу марказлар билан ҳам ўз ишини мувофиқлаштириб туради.

Марказ «HAPPY LIFE» хусусий клиникаси таркибида ташкил этилган бўлиб, ўз ичига жарророҳлик инфекцияси бўйича жарроҳ, эндокринолог, томир жарроҳи, кардиолог, интервенцион жарроҳ, анестезиолог, подиатристларнинг бир жамоа бўлиб ишлашига асосланган. Клиника энг охирги русумдаги барча керакли жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Шифокор ҳақида

Сафаров Хайриддин Чориевич 1976 йил Бухоро шаҳрида туғилган.   1998 йил Алтай Давлат Тиббиёт Университетининг “даволаш иши” факультетини аъло баҳоларга тугатди. 2000 йил Бухоро Давлат Тиббиёт Институтининг жарроҳлик мутахассислиги бўйича клиник ординатурасини битирди. 2001 йилдан 2002 йилгача Россия Федерацияси Бийск шаҳри тиббиёт бирлашмасида жарроҳ, 2002 йилдан 2004 йилгача Россия Федерацияси, Якутия Республикаси Жиганск тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлик бўлимида бўлим мудири сифатида фаолият олиб борган.

Қандли диабет ва унинг асоратлари

Организм қондаги қанд миқдорини меъёрида ушлаб туролмайдиган ҳолат юзага келганда қандли диабет касаллиги келиб чиқади.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда дунёда 420 миллиондан ортиқ одам қандли диабет касаллигига чалинган. Бу эса 40 йил олдинги кўрсаткичлардан 25% га кўп.

Қандли диабет бу сурункали касаллик бўлиб, ундан тўла қутулиб олишнинг имконияти йўқ. Шунга қарамасдан ҳозирги замонда қондаги қанднинг миқдорини тўлақонли назорат қилиш йўллари ишлаб чиқилган. Бу эса қандли диабетга чалинган беморларнинг бошқа соғлом одамлардан ажралиб қолмасдан узоқ ва бахтли умр кўришларини таъминлайди. Бунда инсон ўзининг турмуш тарзини ва айрим одатларини ўзгартирган ҳолда тўхтатиб қолишга эришиши мумкин.

Қардли диабет касаллиги бир неча хилга бўлинади. Булардан энг кўп учрайдиган хили бу қандли диабетнинг 2-тури ҳисобланади. Қандли диабетнинг бу турида қондаги қандни организм ҳужайралари томонидан озиқа сифатида қабул қилишига жавобгар инсулин гормони ишлаб чиқариш ё камаяди ёки (хамда) айрим сабаблар унинг тўлақонли шилашига халақит беради. Бу ўзгаришлар одатда ўрта ва кекса ёшдаги инсонларда учрайди.

Агар инсон камҳаракат турмуш тарзини олиб борса, семизликка дучор бўлса, нотўғри овқатланса (кўп ва юқори калорияли), қон босими баланд бўлса, бу касаллик эрта бошланиш эҳтимоли кўпаяди.

Касалликнинг келиб чиқишида ирсиятнинг ҳам катта ўрни бор.

Барча соғлом одамларнинг қон таркибида энергиянинг асосий манбаи сифатида қанд(глюкоза) маълум миқдорда мавжуд. Қонга қанд икки йўл билан тушади:

  1. Ўзида углеводлар сақлаган озиқ-овқат маҳсулотлари билан.
  2. Жигардаги глюкоза(гликоген) заҳираларидан.

Энергия манбаи сифатида қанд мушак хужайраси ичига (иш бажариш мақсадида), ёғ ва жигар тўқимасига (заҳира мақсадида) киради. Ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормони ёрдамида қанд (глюкоза) ҳужайралар ичига киради.

Одам овқатлангандан кейин қондаги қанд миқдори кўтарилади. Лекин ошқозон ости бези шу захотиёқ инсулин ишлаб чиқариб, уни қонга тарқатади ва бу инсулин барча ҳужайраларнинг дарвозасини глюкоза учун очиб беради. Глюкоза ҳужайралар ичига киргандан кейин кондаги канд миқдори меъёрига қайтади. Овқатланиш оралиғида ва уйқу пайтида қондаги қанд миқдори жигардаги заҳирадан тўлдирилиб турилади. Бу жараённи ҳам инсулин назорат қилади.

2-тур қандли диабетда ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаради.

Лекин:

  1. Инсулин керакли вақтда ва керакли миқдорда ишлаб чиқарилмайди ва вақт ўтиши билан инсулин ишлаб чиқариш камайиб боради.
  2. Нормада, айтайлик, 1 та ҳужайра “дарвозаси”ни глюкозага очиш учун 1 инсулин молекуласи керак бўлса, 2-тур қандли диабетда бир нечта инсулин молекуласи керак бўлади. Бошқача қилиб айтганда, организмнинг инсулинга бўлган чидамлилиги ошади.

Қандли диабет ташҳисини қўйиш учун қондаги қанд миқдорини лаборатор усулда ўлчаш керак бўлади.

Қандли диабет доимий ҳолсизлик, тез-тез чанқаш, сабабсиз озиб кетиш, очлик ҳиссиёти, тез-тез ва кўп ҳажмда пешоб келиши, яраларнинг узоқ битмаслиги, оёқларда сезишнинг пасайиши ва оғриқлар, кўриш қобилиятининг пасайиши билан намоён бўлади.

Қандли диабет бошланишида узоқ муддат давомида беморга билинмайди. Кўп ҳолларда касаллик аломатлари рўёбга чиққанида ташҳис қўйилади. Кеч ташҳис қўйилиши ва даволашнинг кеч бошланиши эса касалликнинг оғир ва асоратлар билан кечишига сабаб бўлади.

Қандли диабет асоратларини эрта ва кеч учрайдиган турларга бўлиш мумкин. Эрта учрайдиган асоратлар қонда қанд миқдорининг кескин пасайиб ёки кўтарилиб кетиши билан боғлиқ. Буларга гипо- ва гипергликемия, диабетик кетоацидоз ва бошқалар киради.

Қандли диабетнинг кеч асоратларига организмнинг кўплаб орган ва тизимларига таъсир килишидан келиб чиқади. Бунда асосан бош мия, кўз, юрак ва қон томир системаси, буйраклар, асаб толалари, оёқлар ва бошка ички азолар зарарланади.

Қандли диабет билан оғриган беморларда узоқ муддат қанд миқдорининг баланд туриши натижасида кўз касаллиги (диабетик ретинопатия) вужудга келади. Бу кўриш қобилиятининг пасайишига ва ҳаттоки унинг йўқолишига ҳам олиб келиши мумкин. Қандли диабетнинг кўзга таъсири кўриш қобилиятининг пасайишидан анча олдин бошланади. Шунинг учун қандли диабет билан оғриган касаллар доимий равишда кўз шифокори назоратида бўлишлари керак.

Қон-томир асоратлари қандли диабетда ногиронликнинг ва ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб ҳисобланади. Буларга стенокардия (кўкрак соҳасидаги санчиқлар ва оғриқлар), инсульт, оёқлардаги томир касалликлари (оёқларга қон бориши ёмонлашганда келиб чиқадиган йирингли яралар ва қорасон), ўпка ва бошқа туқималарда сув йиғилиши билан кечадиган сурункали юрак етишмовчилиги ва бошқалар. Бу асоратларни қон босимининг баландлиги, қондаги холестерин ва қанд миқдорининг юқорилиги оғирлаштиради.

Қандли диабет буйрак сурункали касалликлари сабабчилари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Буйрак ишининг пасайиб кетиши ва ҳаттоки тўхтаб қолишига сабаб бўладиган буйракнинг энг нозик қон томирларининг жароҳати билан боғлиқ.

Асаб толаларининг қандли диабетда жароҳатланиши (диабетик нейропатия) бу ҳам қондаги канд миқдорининг узоқ муддат баланд сақланиши билан боғлиқ. Энг кўп ҳолларда периферик нейропатия оёқларда учрайди. Бундай ҳолат оёқларда сезувчанликнинг пасайиши, санчиқлар ва оғриқлар билан кечади. Сезувчанликнинг пасайиши оқибатида бемор оёғида ортириб олган яра-чақаларни сезмаслиги мумкин. Бу жароҳатларга иккиламчи инфекция қўниши натижасида чуқур яраларга ва ҳаттоки ампутацияга сабаб буладиган қорасон касаллигига олиб келиши мумкин. Оёқда учрайдиган бу асоратлар “диабетик товон”, “ диабетик тўпиқ” ёки «диабетик оёқ” номлари билан юритилади.

Бундан ташқари қандли диабет билан оғриган беморлар оёқ қон томирларининг бекилиб, қон айланишининг бузилишидан азият чекадилар. Қон айланишининг бузилиши яраларнинг оғир кечишида, ампутациялар кўпайишида яна бир асосий омил бўлиб қўшилади. Агар бемор оёқларини ўз вақтида текшириб турса, қондаги қанд миқдорини бир меъёрда сақлаб турса, бундай хавфнинг олди олинади.

Қандли диабет билан оғриган аёлларда ҳомиладорлик пайтида доимий шифокор назоратида бўлишни талаб қилади. Эркакларда эректил функциянинг бузилишига, овқат ҳазм килишнинг бузилишига (диабетик энтеропатия) ва сийдикни чиқаришдаги муаммоларга олиб келиши мумкин

“Диабетик товон” синдроми

   Халқимиз орасида қандли диабет касаллиги тўғрисида кўпчилик маълум миқдорда маълумотга эга. Афсуски унинг аксарият ҳолатларда беморнинг ҳаёт сифатининг пасайишига, ногиронликка сабаб бўлувчи асоратлари ҳакида етарли билимга эга эмас. Қандли диабет хасталигининг асоратларидан бири бу – “диабетик товон”(“диабетик тўпиқ”, “диабетик оёқ”) синдроми.

диабетик товон, диабетик тўпиқ, диабетик оёқ, қорасон, йиринг, гангрена, оёқ панжа

Бу асорат қандли диабет билан оғриган касалларнинг 16-18%да учрайди.

Қандли диабетда “диабетик товон” сўзи билан умумлаштириб қандли диабетда бемор оёғида учрайдиган барча ўзгаришлар(оёқларнинг озиб кетиши, оёқлардаги тирноқ ва жунларнинг зарарланиши, совуқ қотиш, санчиқлар, увишиш, қувватсизлик, сезувчанликнинг пасайиб бориши(оғриқ сезмайди), товон ёриқларининг пайдо бўлиши, узоқ битмайдиган  йирингли яралар ҳосил бўлиши, ярадан сел оқиши, некроз ва кўпчилик ҳолатларда ампутацияга сабаб бўлувчи қорасон касаллиги) тушунилади. Бундай ўзгаришлар кўпчилик ҳолатларда оёқ бармоқларидан, айниқса биринчи бармоқдан ва жимжилоқдан, тирноқлар ёнидан, оёқнинг товон соҳасидан бошланади. Бу ўзгаришлар атрофида яллиғланиш белгиларини яъни шиш, қизариш, оғриқ, махаллий ҳароратнинг кўтарилишини ва бошқаларни кўриш мумкин.

Бу ўзгаришлар асосида узоқ муддат давомида қондаги қанд миқдорининг меъёридан баланд туриши оқибатида келиб чиқадиган диабетик нейропатия (оёқдаги асаб толаларининг зараланиши), микро- ва макроангиопатия (кичик ва катта қон томирларнинг зарарланиши) ётади.

диабетик товон, диабетик тўпиқ, диабетик оёқ, қорасон, йиринг, гангрена, оёқ панжа

Диабетик нейропатия бу – қандли диабетда  асаб толалари қобиғининг емирилиши (демиелинизация), озиқланишининг бузилиши (атрофия) ва структурасининг парчаланиши(дегенерация)дир. Бу гуруҳ касалларда диабетик нейропатия бошланишида оёқларда оғриқ ва ҳарорат сезувчанлигининг пасайиши билан, кечки уйқу бермайдиган санчиқлар ва тиришишлар билан намоён булади. Диабетик полинейропатия оқибатида оёқ шаклининг ўзгаришлари (деформация), тана оғирлигининг қайта нотўғри тақсимланиши натижасида товон остки юзасида қадоқларнинг ҳосил бўлиши, бу эса ўз навбатида босим яраларининг ҳосил бўлишига олиб келади. Бу яралар инфекция тушиши оқибатида йиринглаб кетади (мадда оқиши).

диабетик товон, диабетик тўпиқ, диабетик оёқ, қорасон, йиринг, гангрена, оёқ панжа

Бошқа гуруҳ касаллар оёқлардаги қон томирларнинг бекилиб (диабетик ангиопатия), қон айланишининг бузилиши билан мурожаат қилишади. Бундай касалларда 28% гача ампутацияларга олиб келувчи, туқималар ўлиши(некроз) билан кечадиган катта чирикли яралар, йиринг ва қорасон кузатилади. Бу касаллик бармоқ учидаги ёки товондаги узоқ битмайдиган акрал қуруқ некроз билан бошланади. Нейропатик ярадан фарқли ўлароқ бу яралар оғриқли бўлади. Инфекция қўшилиши йирингли жараённинг оғирлашишига яъни флегмоналарга, йирингли-некротик яраларга ва ҳаттоки қорасонга(гангрена) олиб келиши мумкин. Қорасон касаллиги эса ўз вақтида тор мутахассис томонидан, замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида, синчковлик билан сифатли даволанмаса  ампутацияга олиб келиши мумкин. Халқаро кўрсаткичларга мувофиқ ампутацияларнинг 70-75% қандли диабет касаллигига тўғри келади.

Катта ҳажмдаги йирингли яраларнинг хавфли томони шундаки, бу яралардан одам танасига йирингли жараённинг захарли моддалари сурункали равишда тушиб буйрак, юрак, ўпка, бош мия ва бошқа ички аъзоларни захарлайди. Бу эса касалнинг ҳолсизлиги, қувватсизлиги, юрак уриши тезлашиши, ҳансираши, сийдик миқдорининг камайиши, иштахаси буғилиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, асабийлашиши билан намоён бўлади. Махаллий товон териси совуқ, оқарган ва айрим ҳолларда кўкимтир рангда бўлади. Товонда, тақим остида ва ҳаттоки сонда томир уриши пасайган ёки умуман аниқланмаслиги мумкин. Буни ультратовуш доплерографияси, оёқ қон томирлари компютер томографияси аниқ кўрсатиб беради. Агар магистрал қон томир ёпилганини аниқланса касалда қон-томир жарроҳи томонидан  маълум гуруҳ муолажалар(операция) ёрдамида бу қон томир очилади

МУВАФФАҚИЯТЛИ ДАВОЛАШ НЕГИЗЛАРИ

Қандли диабетда оёқларда учрайдиган асоратларни даволаш тактикасини ва алгоритмини ҳар бир касал учун алоҳида тузиш (индивидуал ёндашиш) – муваффақиятли даволаш негизларидан биридир. Бунда шифокор касаллик ва унинг асоратлари қай даражада чуқурлашганини, оёқнинг қон-томир системасини, микроциркуляциясини, асаб тизими ҳолатини тўлиқ баҳолаб чиқиши керак. Аксарият ҳолатларда беморда учрайдиган, қандли диабет билан чамбарчас боғлиқ булган ёндош касалликларни топиш, баҳолаш ва уларга ҳам қандли диабет билан мувофиқлаштирган ҳолда даволаш тактикасини танлаш зарур бўлади. Тез-тез учраб турадиган бу касалликларга қон босимининг баландлиги (артериал гипертензия), юрак ишемик касалликлари, юрак инфаркти ва инсультдан кейинги ҳолатлар, буйрак касалликлари (сурункали буйрак етишмовчилиги), аутоиммун касалликлар мисол бўла олади.

Мультидисциплинар ёндашув – муваффақиятли даволаш негизларидан яна бири. Бу нимани англатади?

Ҳозирги даврга келиб тиббиёт ривожланиши шу даражага етганки, касалликлар ва уларнинг асоратлари, уларга ташхис қўйиш ва даволаш усуллари туғрисидаги маълумотлар жуда ҳам кенгайиб боряпти. Тиббиёт соҳасининг ўзида дунёда ҳар 3 дақиқида 1 та янгилик яратилади. Бундай катта информацион оқимни бир ёки бир неча шифокор  ўзлаштириб бориши ақлга сиғмайди. Шунинг учун бизлар (йиринглар бўйича мутахассис жарроҳ, томир жарроҳи, интервенцион жарроҳ, эндокринолог, кардиолог, подиатрист, невропатолог ва бошқалар) бир жамоа бўлиб ишлаймиз. Касалларимиз даволаниш давомида доимий кардиолог, эндокринолог, жарроҳ ва бошқа мутахассислар назоратида бўлишади. Касалларимизга қондаги қанд миқдорини меъёрлаштирадиган дорилар буюрилади ва зарурат туғилганида узгартирилади (коррекция қилинади), юрак ва қон-томир, ошқозон ҳазм-қилиш, тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи ва бошқа дори воситалари консилиум орқали белгиланади.  

Замонавий, ўз исботини топган, шифокор ва касаллар ишончини қозонган, юқори самарали, зарарсиз, ва ножўя таъсирлари минимал бўлган дори воситалар ёрдамида  даволаш мувоффақиятли даволаш негизларининг кейингисидир. Касалларимиз даволаниш жараёнида антибактериал (бир неча гуруҳ), замбуруққа қарши, қоннинг қон томир ичида оқишини яхшиловчи, қон суюқлилигини оширувчи, унинг суспензион стабиллигини оширувчи, томир деворини мустаҳкамловчи, антиоксидант, антигипоксант, оёқ асаб толаларинг бутунлигини тикловчи, шиш ва яллиғланишга қарши, “уйқуда” бўлган заҳира капиллярларни “уйғатувчи” каби дори воситаларини қабул қилишади. Бу дори воситаларини бемор танасига вена орқали юбориш оёқ учун кам самарали бўлиб ҳисобланада. Бизнинг клиникамизда дорилар туғридан-тўғри сон артерияси орқали фақат битта касал оёққа юборилади. Бунда оёқдаги дори концентрацияси танадагига нисбатан анча баланд бўлади. Бу узоқ муддат (3-4 кун)га сон артериясига ўрнатилган катетер (ингичка қувур) орқали кеча кундуз тинмасдан, шприцли дозатор аппарати ёрдамида бажарилади (ДВАКТ). Бу усулда уч мингдан ортиқ касал даволаниб, 15 йиллик тажрибага эга бўлинди.

Бу узоқ муддат (3-4 кун)га сон артериясига ўрнатилган катетер (ингичка қувур) орқали кеча кундуз тинмасдан, шприцли дозатор аппарати ёрдамида бажарилади (ДВАКТ)

Жарроҳлик муолажалари  миниинвазив, орган ва тўқималарни максимал сақлаб қолувчи, замонавий, энг сўнгги нусхадаги асбоб-ускуналарда кўп йиллик тажрибага эга мутахасисслар томонидан бажарилишимуваффақиятли даволаш негизларидан яна биридир.  Бизнинг марказимизда оёқларни сақлаб қолиш учун зарур бўлган барча мураккаб операциялар дунё стандартларига мос равишда бажарилади. Керак бўлган ҳолларда операция икки ёки уч этапда олиб борилади. Операция пайтида жароҳатни ультратовуш ёрдамида кавитациялаш, паст қувватли лазер нурлари ёрдамида нурлаш йўлга қўйилган.

жароҳатни ультратовуш ёрдамида кавитациялаш

Яраларни водород пероксиди билан ювиш, фурациллин суюқлиги билан чайиш, мазли бойламлар қўйиш (левомеколь) кам самарали, кўп ҳолларда фойдасиз ва айрим ҳолатларда эса зарарли эканлиги ўз исботини топган.

Бизнинг марказимизда яралар “gauze suction” усулида қайта бойланади. Яраларни даволашда ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган, яра битиши учун тўқималарга максимал қулай муҳит яратадиган интерактив полиакрилатли, гидроколлоидли, алгинатли махсус бойламлар, бактериал биоплёнкани эритувчи ва кенг кўламли бактерия ўлдирувчи (бактериоцид) суюқлик ва геллар ишлатилади.  

Яраларни махсус вакуум ёрдамида манфий босим билан даволаш самарали эканлиги бутун дунёда ўз исботини топган ва бизда кенг қўлланилади.

Келажакда йирингли яраларни тирик стерил жарроҳлик личинкалари билан даволашни (maggot therapy, larval therapy) планлаштириляпти. Бу усул Америка, Европа, Малайзия, Эрон давлатларида кенг тарқалган.

0
Даволанган касаллар сони
0
Операциялар сони
0
йиллик тажриба

Бизнинг манзил

Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 19 квартал, Деҳқонобод кўчаси, 12а уй.