Menu Close

МУВОФФАҚИЯТЛИ ДАВОЛАШ НЕГИЗЛАРИ

Қандли диабетда оёқларда учрайдиган асоратларни даволаш тактикасини ва алгоритмини ҳар бир касал учун алохида тузиш (индивидуал ёндашиш) – муваффақиятли даволаш негизларидан биридир. Бунда шифокор касаллик ва унинг асоратлари қай даражада чуқурлашганини, оёқнинг қон-томир системасини, микроциркуляциясини, асаб тизими ҳолатини тўлиқ баҳолаб чиқиши керак. Аксарият ҳолатларда беморда учрайдиган, қандли диабет билан чамбарчас боғлиқ булган ёндош касалликларни топиш, баҳолаш ва уларга ҳам қандли диабет билан мувофиқлаштирган ҳолда даволаш тактикасини танлаш зарур бўлади. Тез-тез учраб турадиган бу касалликларга қон босимининг баландлиги(артериал гипертензия), юрак ишемик касалликлари, юрак инфаркти ва инсультдан кейинги ҳолатлар, буйрак касалликлари(сурункали буйрак етишмовчилиги), аутоиммун касалликлар мисол бўла олади.

Мультидисциплинар ёндашув – муваффақиятли даволаш негизларидан яна бири. Бу нимани англатади?

Ҳозирги даврга келиб тиббиёт ривожланиши шу даражага етганки, касалликлар ва уларнинг асоратлари, уларга ташҳис қўйиш ва даволаш усуллари тўғрисидаги маълумотлар жуда ҳам кенгайиб боряпти. Тиббиёт соҳасининг узида дунёда ҳар 3 дақиқида 1 та янгилик яратилади. Бундай катта информацион оқимни бир ёки бир неча шифокор  ўзлаштириб бориши ақлга сиғмайди. Шунинг учун бизлар (йиринглар бўйича мутахассис жарроҳ, томир жарроҳи, интервенцион жарроҳ, эндокринолог, кардиолог, подиатрист, невропатолог ва бошқалар) бир жамоа бўлиб ишлаймиз. Касалларимиз даволаниш давомида доимий кардиолог, эндокринолог, жарроҳ ва бошқа мутахассислар назоратида бўлишади. Касалларимизга қондаги қанд миқдорини меъёрлаштирадиган дорилар буюрилади ва зарурат туғилганида узгартирилади (коррекция қилинади), юрак ва қон-томир, ошқозон ҳазм-қилиш, тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи ва бошқа дори воситалари консилиум орқали белгиланади.

Замонавий, ўз исботини топган, шифокор ва касаллар ишончини қозонган, юқори самарали, зарарсиз, ва ножўя таъсирлари минимал бўлган дори воситалар ёрдамида  даволаш муваффақиятли даволаш негизларидан кейингисидир. Касалларимиз даволаниш жараёнида антибактериал (бир неча гуруҳ), замбуруққа карши, қоннинг қон томир ичида оқишини яхшиловчи, қон суюқлилигини оширувчи, унинг суспензион стабиллигини оширувчи, томир деворини мустахкамловчи, антиоксидант, антигипоксант, оёқ асаб толаларинг бутунлигини тикловчи, шиш ва яллиғланишга қарши, “уйқуда” бўлган заҳира капиллярларни “уйғатувчи” каби дори воситаларини қабул қилишади. Бу дори воситаларини бемор танасига вена орқали юбориш оёқ учун кам самарали бўлиб ҳисобланада. Бизнинг клиникамизда дорилар туғридан-тўғри сон артерияси орқали фақат битта касал оёққа юборилади. Бунда оёқдаги дори концентрацияси танадагига нисбатан анча баланд бўлади. Бу узоқ муддат (3-4 кун)га сон артериясига ўрнатилган катетер(ингичка қувур) орқали кеча кундуз тинмасдан, шприцли дозатор аппарати ёрдамида бажарилади (ДВАКТ). Бу усулда уч мингдан ортиқ касал даволаниб, 15 йиллик тажрибага эга бўлинди. 

Жарроҳлик муолажалари  миниинвазив, орган ва тўқималарни максимал сақлаб қолувчи, замонавий, энг сўнгги нусхадаги асбоб-ускуналарда кўп йиллик тажрибага эга мутахасисслар томонидан бажарилиши муваффақиятли даволаш негизларидан яна биридир.  Бизнинг марказимизда оёқларни сақлаб қолиш учун зарур бўлган барча мураккаб операциялар дунё стандартларига мос равишда бажарилади.  Керак бўлган ҳолларда операция икки ёки уч этапда олиб борилади. Операция пайтида жароҳатни ультратовуш ёрдамида кавитациялаш, паст қувватли лазер нурлари ёрдамида нурлаш йўлга қўйилган.

Яраларни водород пероксиди билан ювиш, фурациллин суюқлиги билан чайиш, мазли бойламлар қўйиш (левомеколь) кам самарали, кўп ҳолларда фойдасиз ва айрим ҳолатдарда эса зарарли эканлиги ўз исботини топган.

Бизнинг марказимизда яралар “gauze suction” усулида қайта бойланади. Яраларни даволашда ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган, яра битиши учун тўқималарга максимал қулай муҳит яратадиган интерактив полиакрилатли, гидроколлоидли, алгинатли махсус бойламлар, бактериал биоплёнкани эритувчи ва кенг кўламли бактерия ўлдирувчи (бактериоцид) суюқлик ва геллар ишлатилади.

Яраларни махсус вакуум ёрдамида манфий босим билан даволаш самарали эканлиги бутун дунёда ўз исботини топган ва бизда кенг қўлланилади.

Келажакда йирингли яраларни тирик стерил жарроҳлик личинкалари билан даволашни (maggot therapy, larval therapy) режалаштирилган. Бу усул Америка, Европа, Малайзия, Эрон давлатларида кенг тарқаляпти.