Menu Close

Қандли диабет ва унинг асоратлари

Организм қондаги қанд миқдорини меъёрида ушлаб туролмайдиган ҳолат юзага келганида қандли диабет касаллиги келиб чиқади.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда ҳозирги кунда дунёда 420 миллиондан ортиқ одам қандли диабет касаллигига чалинган. Бу эса 40 йил олдинги кўрсаткичлардан 25% га кўп.

Қандли диабет бу сурункали касаллик бўлиб, ундан тўла қутулиб олишнинг имконияти йўқ. Шунга қарамасдан ҳозирги замонда қондаги қанднинг миқдорини тўлақонли назорат қилиш йўллари ишлаб чиқилган. Бу эса қандли диабетга чалинган беморларнинг бошқа соғлом одамлардан ажралиб қолмасдан узоқ ва бахтли умр кўришларини таъминлайди. Бунда инсон ўзининг турмуш тарзини ва айрим одатларини ўзгартирган ҳолда тўхтатиб қолишга эришиши мумкин.

Қардли диабет касаллиги бир неча хилга бўлинади. Булардан энг кўп учрайдиган хили бу қандли диабетнинг 2-тури ҳисобланади. Қандли диабетнинг бу турида қондаги қандни организм ҳужайралари томонидан озуқа сифатида қабул қилишига жавобгар инсулин гормони ишлаб чиқариш ё камаяди ёки (хамда) айрим сабаблар унинг  тўлақонли ишлашига халақит беради. Бу ўзгаришлар одатда ўрта ва кекса ёшдаги инсонларда учрайди.

Кимларда қандли диабет касаллигига чалиниш эҳтимоли катта?

Агар инсон камҳаракат турмуш тарзини олиб борса, семизликка дучор бўлса, нотўғри овқатланса (кўп ва юқори калорияли), қон босими баланд бўлса, бу касаллик эрта бошланиш эҳтимоли кўпаяди.

Касалликнинг келиб чиқишида ирсиятнинг ҳам катта ўрни бор.

Қондаги қанд миқдори қандай бошқарилади?

Барча соғлом одамларнинг қон таркибида энергиянинг асосий манбаи сифатида қанд(глюкоза) маълум миқдорда мавжуд. Қонга қанд икки йўл билан тушади:

  1. Ўзида углеводлар сақлаган озиқ-овқат маҳсулотлари билан.
  2. Жигардаги глюкоза(гликоген) заҳираларидан.

Энергия манбаи сифатида қанд мушак хужайраси ичига (иш бажариш мақсадида), ёғ ва жигар тўқимасига (заҳира мақсадида) киради. Ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормони ёрдамида қанд (глюкоза) ҳужайралар ичига киради.

Одам овқатлангандан кейин қондаги қанд миқдори кўтарилади. Лекин ошқозон ости бези шу захотиёқ инсулин ишлаб чиқариб, уни қонга тарқатади ва бу инсулин барча ҳужайраларнинг дарвозасини глюкоза учун очиб беради. Глюкоза ҳужайралар ичига киргандан кейин кондаги канд миқдори меъёрига қайтади. Овқатланиш оралиғида ва уйқу пайтида қондаги қанд миқдори жигардаги заҳирадан тўлдирилиб турилади. Бу жараённи ҳам инсулин назорат қилади.

2-тур қандли диабетда ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаради. Лекин:

  1. Инсулин керакли вақтда ва керакли миқдорда ишлаб чиқарилмайди ва вақт ўтиши билан инсулин ишлаб чиқариш камайиб боради.
  2. Нормада, айтайлик, 1 та ҳужайра “дарвозаси”ни глюкозага очиш учун 1 инсулин молекуласи керак бўлса, 2-тур қандли диабетда бир нечта инсулин молекуласи керак бўлади. Бошқача қилиб айтганда организмнинг инсулинга бўлган чидамлилиги ошади.

Қандли диабет ташҳисини қўйиш учун қондаги қанд миқдорини лаборатор усулда ўлчаш керак бўлади.

Қандли диабетнинг белгилари нималардан иборат?

Қандли диабет доимий ҳолсизлик, тез-тез чанқаш, сабабсиз озиб кетиш, очлик ҳиссиёти, тез-тез ва кўп ҳажмда пешоб келиши, яраларнинг узоқ битмаслиги, оёқларда сезишнинг пасайиши ва оғриқлар, кўриш қобилиятининг пасайиши билан намоён бўлади.

Қандли диабет нимаси билан хавфли?

Қандли диабет бошланишида узоқ муддат давомида беморга билинмайди. Кўп ҳолларда касаллик аломатлари рўёбга чиққанида ташҳис қўйилади. Кеч ташҳис қўйилиши ва даволашнинг кеч бошланиши эса касалликнинг оғир ва асоратлар билан кечишига сабаб бўлади.

Қандли диабет асоратларини эрта ва кеч учрайдиган турларга бўлиш мумкин. Эрта учрайдиган асоратлар қонда қанд миқдорининг кескин пасайиб ёки кўтарилиб кетиши билан боғлиқ. Буларга гипо- ва гипергликемия, диабетик кетоацидоз ва бошқалар киради.

Қандли диабетнинг кеч асоратларига организмнинг кўплаб орган ва тизимларига таъсир килишидан келиб чиқади. Бунда асосан бош мия, кўз, юрак ва қон томир системаси, буйраклар, асаб толалари, оёқлар ва бошка ички азолар зарарланади.

Қандли диабет билан оғриган беморларда узоқ муддат қанд миқдорининг баланд туриши натижасида кўз касаллиги (диабетик ретинопатия) вужудга келади. Бу кўриш қобилиятининг пасайишига ва ҳаттоки унинг йўқолишига ҳам олиб келиши мумкин. Қандли диабетнинг кўзга таъсири кўриш қобилиятининг пасайишидан анча олдин бошланади. Шунинг учун қандли диабет билан оғриган касаллар доимий равишда кўз шифокори назоратида бўлишлари керак.

Қон-томир асоратлари қандли диабетда ногиронликнинг ва ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб ҳисобланади. Буларга стенокардия (кўкрак соҳасидаги санчиқлар ва оғриқлар), инсульт, оёқлардаги томир касалликлари (оёқларга қон бориши ёмонлашганда келиб чиқадиган йирингли яралар ва қорасон), ўпка ва бошқа туқималарда сув йиғилиши билан кечадиган сурункали юрак етишмовчилиги ва бошқалар. Бу асоратларни қон босимининг баландлиги, қондаги холестерин ва қанд миқдорининг юқорилиги оғирлаштиради.

Қандли диабет буйрак сурункали касалликлари сабабчилари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Буйрак ишининг пасайиб кетиши ва ҳаттоки тўхтаб қолишига сабаб бўладиган буйракда энг нозик қон томирларининг жароҳати билан боғлиқ.

Асаб толаларининг қандли диабетда жароҳатланиши (диабетик нейропатия) бу ҳам қондаги канд миқдорининг узоқ муддат баланд сақланиши билан боғлиқ. Энг кўп ҳолларда периферик нейропатия оёқларда учрайди. Бундай ҳолат оёқларда сезувчанликнинг пасайиши, санчиқлар ва оғриқлар билан кечади. Сезувчанликнинг пасайиши оқибатида бемор оёғида ортириб олган яра-чақаларни сезмаслиги мумкин. Бу жароҳатларга иккиламчи инфекция қўниши натижасида чуқур яраларга ва ҳаттоки ампутацияга сабаб буладиган қорасон касаллигига олиб келиши мумкин. Оёқда учрайдиган бу асоратлар “диабетик товон”, “ диабетик тўпиқ” ва «диабетик оёқ” номлари билан юритилади.

Бундан ташқари қандли диабет билан оғриган беморлар оёқ қон томирларининг бекилиб, қон айланишининг бузилишидан азият чекадилар. Қон айланишининг бузилиши яраларнинг оғир кечишида, ампутациялар кўпайишида яна бир асосий омил бўлиб қўшилади. Агар бемор оёқларини ўз вақтида текшириб турса, қондаги қанд миқдорини бир меъёрда сақлаб турса, бундай хавфнинг олди олинади.

Қандли диабет билан оғриган аёлларда ҳомиладорлик пайтида доимий шифокор назоратида бўлишни талаб қилади. Эркакларда эректил функциянинг бузилишига, овқат ҳазм килишнинг бузилишига (диабетик энтеропатия) ва сийдикни чиқаришдаги муаммоларга олиб келиши мумкин.