Menu Close

Халқимиз орасида қандли диабет касаллиги тўғрисида кўпчилик маълум миқдорда маълумотга эга. Афсуски унинг аксарият ҳолатларда беморнинг ҳаёт сифатининг пасайишига, ногиронликка сабаб бўлувчи асоратлари ҳақида етарли билимга эга эмас.

Қандли диабет хасталигининг асоратларидан бири бу – “диабетик товон” (“диабетик тўпиқ”, “диабетик оёқ”) синдроми.

диабетик товон, диабетик тўпиқ, диабетик оёқ, қорасон, йиринг, гангрена, оёқ панжа
диабетик товон, диабетик тўпиқ, диабетик оёқ

Бу асорат қандли диабет билан оғриган касалларнинг 16-18%да учрайди.

“Диабетик товон” сўзи билан умумлаштириб қандли диабетда бемор оёғида учрайдиган барча ўзгаришлар (оёқларнинг озиб кетиши, оёқлардаги тирноқ ва жунларнинг зарарланиши, совуқ қотиш, санчиқлар, увишиш, қувватсизлик, сезувчанликнинг пасайиб бориши (оғриқ сезмайди), товон ёриқларининг пайдо бўлиши, узоқ битмайдиган йирингли яралар ҳосил бўлиши, ярадан сел оқиши, некроз ва кўпчилик ҳолатларда ампутацияга сабаб бўлувчи қорасон касаллиги) тушунилади. Бундай ўзгаришлар кўпчилик ҳолатларда оёқ бармоқларидан, айниқса биринчи бармоқдан ва жимжилоқдан, тирноқлар ёнидан, оёқнинг товон соҳасидан бошланади. Бу ўзгаришлар атрофида яллиғланиш белгиларини яъни шиш, қизариш, оғриқ, маҳаллий ҳароратнинг кўтарилишини ва бошқаларни кўриш мумкин.

Бу ўзгаришлар асосида узоқ муддат давомида қондаги қанд миқдорининг меъёридан баланд туриши оқибатида келиб чиқадиган диабетик нейропатия (оёқдаги асаб толаларининг зараланиши), микро- ва макроангиопатия (кичик ва катта қон томирларнинг зарарланиши) ётади.

Диабетик нейропатия бу – қандли диабетда  асаб толалари қобиғининг емирилиши (демиелинизация), озиқланишининг бузилиши (атрофия) ва структурасининг парчаланиши (дегенерация)дир. Бу гуруҳ касалларда диабетик нейропатия бошланишида оёқларда оғриқ ва ҳарорат сезувчанликнинг пасайиши билан, кечки уйқу бермайдиган санчиқлар ва тиришишлар билан намоён булади. Диабетик полинейропатия оқибатида оёқ шаклининг ўзгаришлари (деформация), тана оғирлигининг қайта, нотўғри тақсимланиши натижасида товон остки юзасида қадоқларнинг ҳосил бўлиши, бу эса ўз навбатида босим яраларининг ҳосил бўлишига олиб келади. Бу яралар инфекция тушиши оқибатида йиринглаб кетади (мадда оқиши).

Бошқа гуруҳ касаллар оёқлардаги қон томирларнинг бекилиб (диабетик ангиопатия), қон айланишининг бузилиши билан мурожаат қилишади. Бундай касалларда 28% гача ампутацияларга олиб келувчи, туқималар ўлиши (некроз) билан кечадиган катта чирикли яралар, йиринг ва қорасон кузатилади. Бу касаллик бармоқ учидаги ёки товондаги узоқ битмайдиган акрал қуруқ некроз билан бошланади. Нейропатик ярадан фарқли ўлароқ бу яралар оғриқли бўлади. Инфекция қўшилиши жараённинг оғирлашишига, яъни флегмоналарга, йирингли-некротик яраларга ва ҳаттоки қорасонга (гангрена) олиб келиши мумкин. Қорасон касаллиги эса ўз вақтида тор мутахассис томонидан, замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида, синчковлик билан сифатли даволанмаса ампутацияга олиб келиши мумкин. Халқаро кўрсаткичларга мувофиқ ампутацияларнинг 70-75% қандли диабет касаллигига тўғри келади.

Катта ҳажмдаги йирингли яраларнинг хавфли томони шундаки, бу яралардан одам танасига йирингли жараённинг заҳарли моддалари сурункали равишда тушиб буйрак, юрак, ўпка, бош мия ва бошқа ички аъзоларни заҳарлайди. Бу эса касалнинг ҳолсизлиги, қувватсизлиги, юрак уриши тезлашиши, ҳансираши, сийдик миқдорининг камайиши, иштахаси буғилиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, асабийлашиши билан намоён бўлади. Маҳаллий товон териси совуқ, оқарган ва айрим ҳолларда кўкимтир рангда бўлади. Товонда, тақим остида ва ҳаттоки сонда томир уриши пасайган ёки умуман аниқланмаслиги мумкин. Буни ультратовуш доплерографияси, оёқ қон томирлари компютер томографияси аниқ кўрсатиб беради. Агар магистрал қон томир ёпилгани аниқланса касалда қон-томир жарроҳи томонидан маълум гуруҳ муолажалар (операция) ёрдамида бу қон томир очилади.